Туркманистонда олий таълим муассасаларига талабаларни қабул қилишнинг энг масъулиятли босқичи бошланди. «Туркманистон» газетасининг хабар беришича, 29 июлдан бошланган кириш имтиҳонлари 20 августга қадар давом этади.
Мамлакат Президенти 10 июль куни бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида имтиҳонларни адолатли, шаффоф ва юқори ташкилотчилик даражасида ўтказиш ҳамда бу жараёнда жамоатчилик назоратини таъминлаш бўйича муҳим топшириқларни берган эди.
Университетларга абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш 13-26 июль кунлари амалга оширилди. Жорий ўқув йилида мамлакат олий ўқув юртларига 18 мингдан ортиқ ёшлар қабул қилинади, бу эса ўтган йилги кўрсаткичдан 1239 та ўринга кўпдир.
Миллий иқтисодиёт эҳтиёжларини таъминлаш мақсадида янги ўқув йилидан бошлаб олий таълим тизимига 20 та янги мутахассислик ва ўқув дастурлари жорий этилади. Улардан 10 таси махсус дастур, тўрттаси бакалавриат ва олтаси магистратура йўналишларидан иборат. Шунга қарамай, мамлакатнинг ўрта мутахассислик таълим муассасаларида ҳужжатлар қабули 17 августгача давом этади.







Izohlar
Hozircha izoh yo'q. Birinchi bo'ling.