Туркманистон Адлия вазирлиги жисмоний ва юридик шахслар учун «Адалат» меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар электрон маълумотлар базасига онлайн кириш имкониятини яратди. Фойдаланувчилар ушбу хизматдан вазирликнинг расмий веб-сайти (minjust.gov.tm) ва мобил иловаси орқали фойдаланишлари мумкин.
Ушбу тизим Туркманистон Адлия вазирининг 2025 йил 1 сентябрдаги 1901-сонли буйруғи асосида жорий этилди.
Рўйхатдан ўтиш учун фойдаланувчи телефон рақамини киритади ва СМС орқали юборилган беш хонали кодни тасдиқлайди. Сўнг шахсий маълумотлар ва паспорт маълумотлари киритилиб, тегишли обуна режаси танланади. Бир ойлик обуна нархи 20 манат, уч ойлик 60 манат, олти ойлик обуна эса 120 манатни ташкил этади. Тўловлар «Халқбанк», «Сенагат» ёки «Рысгал» банкларининг онлайн хизматлари орқали амалга оширилади.
«Адалат» маълумотлар базасида 13 мингдан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар жамланган. Улар орасида Туркманистон Конституцияси, кодекслари, Президент фармонлари ва қарорлари, шунингдек, идоравий ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд. Олий даражадаги ҳужжатлар 1990–2026 йилларни, идоравий ҳужжатлар эса 1995 йилдан ҳозиргача бўлган даврни қамраб олади.
Ҳужжатлар туркман ва рус тилларида жойлаштирилган бўлиб, уларни бир вақтнинг ўзида параллель кўриш имконияти мавжуд. Қидирув тизими калит сўзлар, ҳужжат номи, қабул қилинган йили ёки давлат рўйхати рақами бўйича маълумотларни тезкор топишга ёрдам беради.
Тизимда кодексларга илмий-амалий шарҳлар, ҳуқуқий луғат ва киритилган ўзгартиришлар ҳисобга олинган ҳолда янгиланган ҳужжатларнинг тўлиқ матнлари ўрин олган.







Izohlar
Hozircha izoh yo'q. Birinchi bo'ling.